(Оятдаги «қўллари тақдим қилган нарсалар» жумласи, «гуноҳлар» маъносида келгандир. Араб тилида бирор нарсанинг аҳамиятини бўрттириб кўрсатилмоқчи бўлинса, ушбу услуб ишлатилади. Демак, яҳудийлар ўлимни орзу қила олмайдилар. Чунки улар ўзларининг гуноҳларини яхши биладилар. Ушбу гуноҳлар билан ҳеч-ҳеч жаннатга кириб бўлмайди. Ўлсалар, беш кунлик дунёнинг матосидан ажралиб қолишларидан қўрқиб, бу дунё ҳаётига маҳкам ёпишиб оладилар.)
(«Жиброилга душман бўлганлар» — яҳудийлардир. Улар Жиброил фариштани ўзларига душман ҳисоблашар эдилар. Бунга далил ўлароқ Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишича яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан узоқ суҳбат қурган эдилар. Шунда, «Улар: «Ҳар бир пайғамбарнинг унга хабар келтирадиган фариштаси бўлади. Бизга айт-чи, сенинг соҳибинг ким?» дедилар. У киши: «Жиброил алайҳиссалом», дедилар. Улар: «Жиброил урушни, жангни, азобни туширади, бизнинг душманимиз, агар раҳмат, ёмғир ва набототларни олиб тушадиган Микоил деганингда, яхши бўларди», дедилар.)
(«Аллоҳнинг китоби» Таврот бўлиши мумкин, чунки унда Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлиб келишлари башорати бор. Тавротнинг башоратини тан олмаганларни китобни орқаларига қараб отиш деб васф этилмоқда. Айни чоқда, у китоб Қуръони Карим ҳам бўлиши мумкин, чунки яҳудийлар уни ҳам қабул қилмадилар.)