И з о ҳ. Улар Ийсо алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлдилар. Аллоҳ эса унга бирор зарар етказмай Ўз ҳузурига — самога кўтарди. Аллоҳнинг «макри» — тадбири устунроқ бўлиб чиқди. Бу оятда «макр» сифатини Аллоҳ таолога Унинг жалоли ва камолига лойиқ бўлган кўринишда исботлаш бордир. Чунки, У маккорларнинг макрига қарши ҳақ билан макр қилди.
И з о ҳ. Ривоят қилишларича, бир гуруҳ насронийлар Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳузурларига келиб: «Нега сен бизнинг пайғамбаримиз Ийсони: «у ҳам бир инсон, Аллоҳнинг бандаси», деб ҳақорат қиласан! Агар у худо бўлмаганида отасиз туғилармиди?», дейишди. Шунда Одамнинг на ота, на онасиз дунёга келиши уни бандалик қилишдан тўсмагани янглиғ, Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам унинг банда бўлишига монеъ бўлмайди, деган мазмунда юқоридаги оят нозил бўлди.
И з о ҳ. Мазкур оятда Муҳаммад пайғамбарга Ийсони худо деб билувчи кимсалар агар Қуръон оятларига ишонмасалар, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънатини сўраб, қасам ичишликка таклиф қилиш буюрилди. Ровийларнинг айтишларича, биронта насроний келиб, қасам ичишга журъат этмаган экан.