(Яъни, иймон келтириб, ҳижрат қилиб, моллари ва жонлари билан жиҳодга чиққан бандалар, ана шундай ютуқларга эришадилар.)
(Ислом ақидаси учун соф қалб керак. Ақида тоза қалбдан жой олиши учун ундан бошқа манфаатлар узилиши лозим. Яъни, иймон, эътиқод, дину диёнат масаласи ҳамма нарсадан устун қўйилмоғи керак. Ҳатто ота-она ва ака-ука каби дунёдаги энг яқин кишилар бошқа диёнатни танлаган бўлсалар, уларни ҳам дўст тутиб бўлмайди. Яъни, қалбдан яхши кўриш мумкин эмас. Улар билан алоқа, муомалалар бўлаверади, аммо қалб фақат ақида учун холис қолади. Куфрни ихтиёр этган қариндошларни дўст-валий тутиш ширкнинг бир кўринишидир. Шунинг учун бу ишни қилганлар оятда золимлар деб аталмоқдалар.)
(Ояти каримада инсон учун бу дунёда энг қадрли саккиз нарса эслатилиб, улардан ҳам маҳбуброқ нарса Аллоҳ, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилиш бўлмоғи лозимлиги уқтирилмоқда. Мазкур саккиз нарсанинг ҳаммаси ёки бирортаси инсонга Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуб бўлса, унда у инсоннинг иймони нуқсонга учрайди. Бу дунёда ота-она инсонлар учун жуда қадрдон ҳисобланадилар. Ислом дини уларга яхшилик қилишни, уларни ҳурматлаш ва эъзозлашни қаттиқ тайинлаган. Аммо шундай бўлса-да, уларнинг муҳаббати Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва жиҳоддан устун бўла олмайди. Мусулмон одам бу ҳақиқатни билмоғи лозим.)