(Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга ва у зотнинг умматларига ўтган пайғамбарлардан йигирма тўрттасининг қиссасини айтган. Ўша қиссаларнинг ҳаммаси билан танишиб чиқилди. Уларнинг ҳаммасида кофирлар томонидан пайғамбарларга (алайҳимуссалом) ва мўминларга турли озорлар берилгани, азоб-уқубатлар ёғдирилгани ҳақида турли маълумотларга эга ҳам бўлинди. Яна Қуръони Каримда қанчадан-қанча қиссалари келмаган пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ўтган бўлиб, улар ҳам қийинчилик, озор ва машаққатларга дучор бўлганлар. Пайғамбарлар ўз ҳолларича одамларга мўъжиза кўрсатиб, уларни лол қолдиришга уринган эмас. Чунки бу уларнинг иши эмас. Уларнинг иши Аллоҳнинг таълимотларини халққа етказишдир. Мўъжиза кўрсатиш эса, Аллоҳга хос ишдир. У зот Ўзи хоҳлаган вақтида, Ўзи хоҳлаган пайғамбарига мўъжизани ва уни кўрсатиш изнини беради. Бошқа вақтларда пайғамбарлар мўъжиза кўрсатиш ҳақида ташвиш қилишлари керак эмас.)
(Аллоҳ таолонинг жорий этган суннати — қоидаси бўйича, азобни кўрганидан кейин қилинган тавба, келтирилган иймон қабул этилмас. Фурсатнинг борида иймон келтириб, амал қилиб қолиш керак.)