И з о ҳ. Исломий ақидага кўра, Қиёмат Куни — кофирлар учун ҳисоб-китобнинг оғир кечганлиги сабабли минг йилга, яна бошқа бир ояти каримада хабар берилишича, эллик минг йилга тенгдек туюлар, мўминлар учун эса, ҳадиси шарифда келганидек, бир вақт намоз ўқигудек муддат каби қисқа ва осон ўтар экан. Ана ўша кунда ҳаёти дунёда рўй берган барча ишлар Аллоҳ таолонинг даргоҳига кўтарилиб, У зот Ўзининг ҳақ ҳукмини чиқаради.
И з о ҳ. Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандалар эътиборини Ўзи яратган махлуқотларнинг ҳар бирини нақадар етук ҳикмат билан яратганига қаратмоқда. Дарҳақиқат, дунёдаги мавжудотнинг қай бирига диққат эътибор билан назар солинса, ундаги мутаносиблик ва пухталик ақл эгалари ёдига Яратганнинг нақадар доно ва билгувчи эканини келтиради. Шунда ўтган уламо ва ҳукамоларнинг «Ҳар баргда бир Худо яшар», деган сўзларининг ҳикмати равшанроқ англашилади.